Айрим хорижий давлатлар жиноят қонунчилигида жазони енгиллаштирувчи ҳолатларнинг ўзига хос хусусиятлари | Статья в журнале «Молодой ученый»

Отправьте статью сегодня! Журнал выйдет 18 декабря, печатный экземпляр отправим 22 декабря.

Опубликовать статью в журнале

Автор:

Рубрика: Молодой ученый O'zbekiston

Опубликовано в Молодой учёный №51 (341) декабрь 2020 г.

Дата публикации: 21.12.2020

Статья просмотрена: 34 раза

Библиографическое описание:

Махмудов, С. А. Айрим хорижий давлатлар жиноят қонунчилигида жазони енгиллаштирувчи ҳолатларнинг ўзига хос хусусиятлари / С. А. Махмудов. — Текст : непосредственный // Молодой ученый. — 2020. — № 51 (341). — С. 480-483. — URL: https://moluch.ru/archive/341/76849/ (дата обращения: 07.12.2021).



Мазкур мақолада айрим хорижий давлатлар жиноят қонунчилигида мавжуд бўлган енгиллаштирувчи ҳолатлар, уларни жазо тайинлашда ҳисобга олиш масалалари ҳамда уларнинг ўзига хос жиҳатлари ўрганилди. Шу билан бирга, миллий қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган, бироқ хорижий давлатлар жиноят қонунчилигида мавжуд бўлган айрим жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар таҳлил қилинди. Таҳлил натижалари юзасидан, халқаро стандартлар ва хорижий амалиётни эътиборга олган ҳолда жиноят қонунчилигига хорижий давлатлар тажрибасини имплементация қилиш ҳамда жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни такомиллаштириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган.

Калит сўзлар: жазо тушунчаси, жиноят ҳуқуқи, жиноятчилик, жазони юмшатиш, хорижий мамлакатлар тажрибаси.

В данной статье исследованы вопросы смягчения существующих в уголовном законодательстве некоторых зарубежных стран положений, их характеристики, а также их учет при назначении наказания. Особое внимание уделено анализу случаев, которых нет в узбекском законодательстве, но которые смягчают некоторые наказания, существующие в уголовном законодательстве зарубежных стран. По результатам проведенного анализа, с учетом международных стандартов и зарубежной практики, были разработаны соответствующие предложения и рекомендации по внедрению опыта зарубежных стран в уголовное право и улучшению ситуаций, смягчающих наказание.

Ключевые слова: уголовное законодательство, преступление, смягчение наказания, опыт зарубежных стран.

Бизга маълумки, бугунги кунда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга ошириш жараёнида илғор хорижий давлатлар тажрибасини қиёсий таҳлил этган ҳолда жиноят қонунчилигини либераллаштириш ҳамда такомиллаштириш жиноят-ҳуқуқий сиёсатда муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Мазкур вазифани ҳаётга тадбиқ этиш ҳамда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштиришнинг мутлақо янги устувор йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги ПҚ–3723-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси [1] қабул қилинди.

Мазкур Концепцияда миллий хусусиятлар ва шароитларни, илғор халқаро стандартлар ва хорижий амалиётни эътиборга олган ҳолда жиноят қонунчилигига хорижий давлатлар тажрибасини имплементация қилиш, шу жумладан жазони енгиллаштириш ёки шахсни жиноий жавобгарлик ёхуд жазодан озод қилиш шартларини ўрнатувчи нормаларни кенгайтириш лозимлиги назарда тутилган. Шунга кўра, жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни такомиллаштиришда ривожланган мамлакатлар тажрибаларини тадқиқ этиш, мазкур институтни ривожлантиришнинг янгича методологик асосларини яратиш муҳим аҳамиятга эга.

Хусусан, В. В. Бабурин ички жиноий қонунчиликни ўрганишга комплекс ёндашув фақат чет эл жиноий қонунчилигини билиш ҳамда таҳлил этиш орқали амалга оширилиши мумкинлигини таъкидлаб ўтган [2, Б.38].

Н. В. Буленкова чет эл давлатларининг жиноий қонунчилиги нормаларини ўрганиш ва таққослаш, жиноий жазони енгиллаштириш асослари ва уларнинг жиноий ҳуқуқий оқибатларга таъсирини тартибга солиш нуқтайи назаридан таҳлил қилиш [3, Б. 144] муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтган.

Миллий қонунчилигимизда бўлгани каби жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар ҳамда уларни қўллаш тартиби хорижий давлатларнинг жиноят қонунчилигида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Чунки бугунги кунда жиноят содир этган шахсга нисбатан жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда жазо тайинланиши ва унда инсонпарварликнинг намоён бўлиши глобал тенденция ҳисобланади.

Хорижий мамлакатларнинг Жиноят кодексларидаги жазони енгиллаштирувчи ҳолатларнинг қиёсий таҳлили шуни кўрсатдики, ушбу енгиллаштирувчи ҳолатларни аниқлаш ва қўллаш нуқтаи назаридан уларнинг жиноят қонунчилигида жиддий тафовутлар мавжуд эмас.

Қуйида айрим хорижий давлатларнинг жиноят қонунчилигида мавжуд бўлган, аммо бизнинг жиноят қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган жазони енгиллаштирувчи ҳолатларга тўхталиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади.

Жумладан,Беларусь Республикаси Жиноят Кодекси 63-моддасида жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар белгилаб қўйилган бўлиб, унда жазони енгиллаштирувчи 11 та ҳолат назарда тутилган.

Мазкур модда мазмунига кўра Беларусь Республикасида кекса ёшдаги шахснинг жиноят содир этиши жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири ҳисобланади. Худди шунга ўхшаш норма Эстония Республикаси Жиноят Кодекси [4] 57-моддасида ҳам жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири сифатида белгилаб қўйилган.

Мазкур ҳолатнинг жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири сифатида баҳоланиши ўринли ҳисобланади. Чунки жиноят содир этган шахснинг кекса ёшда эканлиги қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасини камайтирадиган ҳолатлардан бири ҳисобланади [12].

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил

3 февралдаги 1-сонли “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 37-банди учинчи хатбошисига асосан судланувчининг кекса ёшда эканлиги жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлардан бири ҳисобланади.

Аммо Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 55-моддасида кекса ёшдаги шахснинг жиноят содир этиши жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида эътироф этилмаган. Бизнинг миллий қонунчилигимизга ҳам қонунийлик ва инсонпарварлик принципларидан келиб чиққан ҳолда кекса ёшдаги шахснинг жиноят содир этиш ҳолатини жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида киритиш лозим.

Жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши керак. Кекса ёшдаги шахснинг содир этган жинояти учун енгилроқ жазо қўлланилиши жазолашдан кўзланган мақсадга эришиш учун етарли ҳисобланади.

Шунга кўра, кекса ёшдаги шахснинг жиноят содир этиш ҳолатини жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида Жиноят кодексига киритилиши бир тошондан адолат ва инсонпарварлик принципларини амалиётга изчил жорий этиш орқали кекса ёшдаги шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга, иккинчи томондан эса, жиноят қонунчилигига илғор хорижий тажрибани имплементация қилиш орқали жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Бундан ташқари, аксарият хорижий давлатларнинг Жиноят кодексида жиноят содир этилганидан кейин жабрланувчига дарҳол тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиш ҳолати ҳам жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири ҳисобланади.

Маълумот учун: Россия Федератив Республикаси Жиноят кодекси 61-моддаси, Озарбайжон Республикаси Жиноят кодекси 59.1.10-моддаси, Беларусь Республикаси Жиноят кодекси 63-моддаси, Тожикистон Республикаси Жиноят кодекси 61-моддаси ва Туркманистон Республикаси Жиноят кодекси 57-моддасида жиноят содир этилганидан кейин жабрланувчига дарҳол тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиш жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири эканлиги белгиланган.

Ушбу вазиятларни таҳлил қилар эканмиз, баъзи муаллифлар жиноят содир этилганидан кейин жабрланувчига “тиббий” ва “бошқа ёрдам” кўрсатиш тушунчаларини фарқлашда ноаниқликлар ҳамда тушунмовчиликлар мавжудлигини таъкидлашади [5, Б. 100].

Жиноят содир этилганидан кейин жабрланувчига дарҳол тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатишдеганда, жиноят содир этган шахс томонидан жабрланувчининг ҳаёти ва соғлиғи учун келиб чиққан оқибатлардан қатъий назар кўрсатиладиган турли хил ёрдамлар тушунилади [6, Б. 127].

Тиббий ёрдам кўрсатилиши жабрланувчининг ҳаёти ва соғлиғи учун, айниқса, жиноят аҳоли пунктларидан узоқда жойлашган бўлса, кўпроқ зарарли оқибатлар келиб чиқишини олдини олишга хизмат қилади.

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига жиноят содир этилганидан кейин жабрланувчига дарҳол тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиш ҳолатининг жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири сифатида киритилиши 2 та амалий жиҳатни ўзида ифода этади:

– биринчидан, жиноят қонунчилигини замонавий юриспруденция талаблари асосидам халқаро стандартларга унификация қилиш ва мувофиқлаштиришга хизмат қилса;

– иккинчидан, жиноят содир этган шахсга нисбатан жазо тайинлашда жазони енгиллаштирувчи ҳолат(лар)ни қўллаш орқали айбдор шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларининг таъсирчан ва ишончли муҳофаза қилинишини таъминлайди.

Шунингдек, жиноят содир этган шахс қарамоғида вояга етмаган ёш болаларнинг мавжудлиги ҳам айрим хорижий давлатларда (Россия, Озарбайжон, Беларусия, Қозоғистон, Тожикистон, Арманистон) жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири ҳисобланади.

Жиноят қонунида назарда тутилмаган бўлсада, судлар томонидан жазо тайинлашда ҳисобга олиниши мумкин бўлган ҳолатлардан бири судланувчининг қарамоғида ёш боласининг борлиги ҳисобланади.

Бизнинг фикримизча, мазкур ҳолатни енгиллаштирувчи ҳолат сифатида ҳисобга олишда айбдорнинг бола тарбиясида тутган ўрни, ёш боланинг айбдор билан бирга яшаши ва бошқа шунга ўхшаш ҳолатларга алоҳида эътибор бериш талаб этилади.

М. Н. Становский асосий эътибор ёш болалар ҳақиқатдан ҳам айбдор билан бирга яшаши ва унга нисбатан жиноий жазони қўлланиши уни оғир аҳволга солиб қўйиши мумкинлигига қаратилиши лозим деб ҳисоблайди [7, Б. 211].

Шуни ҳам унутмаслик керакки, айбдорнинг ёш боласи билан бирга яшаши ҳар доим ҳам унинг ёш боласини тарбиялаши ва моддий таъминлашида иштирок этишидан далолат бермайди.

Айбдор улар билан бирга яшамасада, лекин моддий жиҳатдан таъминлаб туриши ҳам мумкин. Яна айбдор ёш болани моддий жиҳатдан таъминламасада, уни тарбияси билан шуғулланиши ҳам мумкин.

Демак, бу ерда энг муҳим фактор айбдорнинг қарамоғида ёш боласининг бўлиши ҳамда уни моддий таъминлаш ёки тарбиялашда иштирок этишидир, унинг ёш боласи билан бирга яшаши ёки яшамаслиги эмас.

С. В. Савиннинг фикрича, “ушбу ҳолатнинг енгиллаштирадиган ҳолатлар рўйхатига киритилиши болаларни тарбиялаш ва парвариш қилиш учун айбдор мажбуриятларни таъминлаш билан боғлиқ. Амалда судлар енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида жиноятчига қарам бўлган шахсларнинг мавжудлигини ҳисобга олади. “Қарам” ва “ёш бола” тушунчалари бир хил маънони англатмайди. Уларнинг биринчиси кенгроқ бўлиб, иккинчисини ўз ичига олади” [8, Б. 225].

Яна бир муҳим жиҳат, агар айбдор ёш боласига нисбатан қўпол муносабатда бўлса, уни жиноят ёки бошқа ахлоққа зид ҳатти-ҳаракатлар содир этишга жалб қилса ёки уларга нисбатан жиноят содир этган бўлса, жазони енгиллаштириш учун асос бўлиши мумкин эмас.

Беларусь, Озарбайжон Республикалари жиноят қонуни бўйича бу енгиллаштирувчи ҳолатлар ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи бор эркакларга ва аёлларга нисбатан ҳам тадбиқ этилиши мумкин.

Монголия жиноят қонуни бўйича эса фақатгина етти ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга қўлланилади [9, Б. 57–59].

Бироқ, бизнинг Жиноят кодексимизда жиноят содир этган шахс қарамоғида вояга етмаган ёш болаларнинг мавжудлиги жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида назарда тутилмаган. Бугунги кунга келиб қарамоғида вояга етмаган ёш болалари бўлган шахслар томонидан кўплаб жиноятлар содир этилмоқда.

Шунга кўра, жиноят содир этган шахс қарамоғида вояга етмаган ёш болаларнинг мавжудлиги ҳолати жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири сифатида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига киритилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Бундан ташқари, Молдова Республикасининг Жиноат кодекси 76-моддаси ҳамда Латвия Республикаси Жиноат кодекси 47-моддасига асосан ақли норасо шахс томонидан жиноят содир этиш ҳолати ҳам жазони енгиллаштирувчи ҳолат ҳисобланади.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 18-моддаси иккинчи қисмида ижтимоий хавфли қилмишни содир этиш вақтида ақли норасо ҳолатда бўлган шахс жавобгарликка тортилмаслиги белгиланган.

Бизнинг фикримизча, жиноят содир этиш вақтида ақли расо шахсга ҳамда ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда руҳий ҳолати бузилган шахсга нисбатан жазо тайинлашда жазо тайинлашнинг умумий асосларига кўра бир хил ёндашувнинг мавжудлиги адолат ва инсонпарварлик принципларига мос эмас.

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда руҳий ҳолати бузилган шахс томонидан жиноят содир этиш ҳолатини ҳам жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири сифатида киритиш лозим.

Чунки шахс жиноят содир этиш вақтида ўз ҳаракатларининг (ҳаракатсизлигининг) аҳамиятини тўлиқ даражада англай олмаган (интеллектуал элемент) ёки уларни бошқара (иродавий элемент) олмаган бўлади. Бундай ҳолатда шахс субъектив тарафнинг интеллектуал ва иродавий элементларини назорат қилиш имкониятига эга бўлмайди. Бундай вазиятларда шахсга нисбатан жазо тайинлашнинг умумий асосларига кўра жазо тайинланиши одиллин ва инсонпарварлик принципи талабларига зид ҳисобланади [11].

Таҳлил натижалари юзасидан, қуйидаги ҳолатларни ҳам жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига киритиш таклиф этилади :

– жиноятнинг кекса ёшдаги шахс томонидан содир этилиши;

– жиноят содир этган шахснинг жиноят содир этганидан кейин келиб чиққан оқибатлардан қатъий назар жабрланувчига дарҳол тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиши;

– жиноят содир этган шахс қарамоғида вояга етмаган ёш болаларнинг мавжудлиги.

Адабиётлар:

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 14 майдаги ПҚ–3723-сон қарори // Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.05.2018 й., 07/18/3723/1225-сон. https://lex.uz/docs/3735818
  2. Бабурин В. В. Система современного уголовного права: монография. — Омск: Омская академия МВД России, 2015. — С. 38. (140 с.).
  3. Буленкова Н. В. О некоторых вопросах смягчения наказания по зарубежному законодательству // Юрид. мысль. 2015. № 6. — С. 144–151.
  4. Уголовный кодекс Республики Беларусь от 9 июля 1999 г. № 275-З. Принят Палатой представителей 2 июня 1999 года. Одобрен Советом Республики 24 июня 1999 года. // www.kodeksy.by.
  5. Penal code Republic of Estonia. Passed 06.06.2001. RTI 2001, 61, entry into force 01.09.2002.
  6. Непомнящая Т. В., Степашин В. М. Проблемы назначения наказания: учебное пособие //. — Омск: Изд-во Ом. гос. ун-та, 2011. — С. 100.
  7. Воронин В. Н. Индивидуализация наказания: понятие, критерии, значение. Дис. докт. юрид. наук. Москва. — 2015. с. 127.
  8. Становский М. Н. Назначение наказания. — Спб, 1999. — С. 211.
  9. Савин С. В. Проблемы учета личности виновного при назначении наказания // Вестник Омского университета. Серия: Право. — 2015. — № 1. — С. 225.
  10. Тасаков В. С. Основания смягчения уголовного наказания: вопросы теории и практики: Дис... кан. юрид. наук. — Чебоксары. 2018. — С. 57–59.
  11. Shamsutdinov B. S. Criminal responsibility for corruption in the legislation of foreign countries //Научно-практические исследования. — 2020. — №. 6–1. — С. 80–85.
  12. Makhmudov S. A. To take into account mitigating circumstances when imposing punishment as one of the criteria for imposing a fair penalty //Прогрессивные технологии в мировом научном пространстве. — 2020. — С. 154–158.
Основные термины (генерируются автоматически): Беларусь, кекс, назначение наказания, уголовное законодательство, RTI, Омск, Россия, смягчение наказания, чет эл, яна.


Ключевые слова

жазо тушунчаси, жиноят ҳуқуқи, жиноятчилик, жазони юмшатиш, хорижий мамлакатлар тажрибаси
Задать вопрос